Фуқаролик жамияти институтлари ривожланмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. 

Парламент комиссияси раиси А.Саидов ва бошқалар фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш ва давлат бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлашнинг янги механизмлари жорий этилаётганини таъкидлади.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида бу борада муҳим вазифалар белгиланган.

Парламент хузуридаги Жамоат фонди ҳар йили фуқаролик жамияти институтларининг 250 дан ортиқ лойиҳасини амалга оширишга кўмаклашмоқда. Хусусан, 2016 йилда Парламент комиссиясининг қарорлари асосида 12 миллиард сўмдан ортиқ маблағ давлат грантлари ва ижтимоий буюртмалари шаклида ажратилди. Бу маблағлар нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари лойиҳа ва дастурларини молиялаштиришга йўналтирилди.

Йиғилишда Парламент комиссияси томонидан жорий йилда давлат бюджетидан ажратилиши режалаштирилган маблағларни ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга йўналтириш учун йил давомида беш марта танлов ўтказиш кўзда тутилгани маълум қилинди.